2009 йил 25 октябр

Марказий Осиёда маданият, санъат ва мода соҳасидаги энг кенгқамровли лойиҳа — Art Week Style.uz-2009 Тошкентда 12 дан 17 октябрга қадар бўлиб ўтди. Санъат ҳафталигининг энг яхши анъаналарига кўра лойиҳада кўргазма ва тақдимот лойиҳалари, ёш дизайнерлар танловлари, Миллий либослар фестивали, ўзбек ва хорижий модельерлар намойишлари, санъатнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари, жаҳон эстрада юлдузларининг ҳайрия концертлари ўтказилди. Шунингдек, Style.uz доирасида Замонавий санъат халқаро биенналеси бўлиб ўтди. Art Week Style.uz лойиҳаси муаллифи - Гулнора Каримова.
Art Week Style.uz – санъатлар, ананалар ва замонавийликнинг ўзига хос чорраҳасидир. Мана, тўрт йилдирки, ушбу лойиҳа қамровининг кенглиги, динамикаси билан ҳайратга солмоқда, тадбирларининг турфа шакллари билан ажаблантириб, жаҳонда шуҳрат қозонган шахсларнинг эътиборини янада кўпрок жалб этмоқда. Санъат ҳафталиги рассомлик, қадимий буюмлар кўргазмалари, концерт ва тақдимотлари орқали одатий мода ҳафталикларидан тубдан фарқ қилади. Style.uz ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, мато ишлаб чиқаришнинг қадимий усулларини қайта тиклаш билан шуғулланаётган тўқимачилик ва текстиль санъати усталари учун грантлар ажратишга алоҳида эътибор қаратади.
Art Week Style.uz меҳмонлари – бу кўзга кўринган санъат арбоблари ҳамда миллий ижод вакиллари, танқидчилар, рассомлар, мусиқачилар, кино, театр ҳамда эстрада артистлари, мода мутахассилари – дизайнерлар, мода уйлари ва брендлар соҳиблари, етакчи журналлар муҳаррирлари, мухбирлари, фотографлар, мамлакатимиз ҳамда турли хорижий давлатларнинг таниқли шахсларидир, булар: de Grisogono президенти ва асосчиси Фаваз Груози (Швейцария), Chopard вице-президенти Каролин Груози-Шойфеле (Швейцария), Diorнинг Париждаги дўкони соҳиби Сильвия Руссо (Франция), Лорд Гилфорд, «MacDougall’s Arts Ltd.» Кимошди уйи президенти ва асосчиси Уильям МакДугалл (Буюк Британия), Технология ва мода институтлари халқаро фонди президенти Сатоши Онума, композитор Исао Мацушита (Япония), Бутунхитой халқаро дўстлик уюшмаси вакиллари Чен Шаоксин ва Гэ Чжили (Хитой), “Янги тўлқин” танлови ташкилий қўмитаси раиси Александр Шенкман, «Вимм-Билль-Данн» компанияси директорлар кенгаши раиси Давид Якобашвили, Евроосиё медиа-гуруҳи вакиллари Вартан Тоганян ва Карен Хачатрян, актер Дмитрий Дюжев, дизайнер Елена Ярмак, Биринчи канал телебошловчиси Максим Шевченко (Россия), австриялик рассомлар Рейнхард ва Моника Бранднеры (Австрия), DJ Yves LaRock (Швейцария), жаҳон эстрада юлдузи Монтсеррат Кабалье ва Sting, футболчи Паоло Мальдини (Италия), CNNнинг Марказий Осиёдаги бюроси директори Имран Ахмад, 30 дан ошиқ давлатларнинг 200 га яқин рассомлари ва бошқалар.
«Россия» телеканали, «Мир» ТРК, «ИТАР-ТАСС» АА, «Коммерсант» нашри, «ОК» (Россия), «l’Officiel» журнали(Франция), FBC телеканали, Getty Images фотобанки, таҳлилчи Валентин Рэй-Уховский (АҚШ), «Жэнминь Жибао» ҳамда «Wen Wei Po» газеталари (Хитой) ва бошқалар ҳафталикка ахборот кўмаги тақдим этишди.
Амалий санъат, дизайн ва мода кўргазмаси. Бутун ҳафталик мобайнида амалда бўлган экспозиция энг яхши амалий санъат усталарининг бетакрор асарлари ва замонавий брендларнинг мавсумий хитларини битта кўргазма майдонига жамлади Кўргазмада IJOD рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари уюшмаси машҳур ҳунамандларининг асарлари, шунингдек, машҳур ва ёш дизайнерлар томонидан яратилган замонавий либослар, пойабзаллар, аксессуарлар, ёш кашфиётчиларнинг ишлари (интерьер, web-дизайн), заргарлик кўргазмалари ҳамда машҳур брендлар тўпламларидаги янгиликлар намойиш этилди..
Нодир буюмлар кўргазмаси ва MEROS уюшмасининг Кимошди савдоси. Қадимий матолар, либослар, сўзаналар, заргарлик буюмлари, кулолчилик, кандакорлик маҳсулотлари, тақинчоқлар — булар ўзига хос нодир экспонатлар бўлиб, уларнинг аксарияти оммага биринчи марта намойиш этилди. Кўргазма доирасида кимошди савдоси ўтказилиб, ундан тушган маблағ илмий тадқиқотларга сарфланади. Кимошди савдоси коллекционерлар ҳамда санъат шайдоларига чин маънода ўзига хос бўлган нодир буюмлар намуналари билан танишиш имконини берадиган ёрқин кўргазма лойиҳалари билан машҳур бўлган MEROS Ўзбекистон антикварлари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Уильям МакДугалл, «MacDougall’s Arts Ltd.» кимошди савдо уйи президенти (Буюк Британия): «Мен бу ерга келганимдан ва мамлакатни бутун чиройида кўрганимдан бағоят мамнунман. Ёшлар ижод саройида ташкил этилган кўргазмани кўришга улгурдим ва у ердаги экспозиция мени ҳайратга солди. Кўргазмада менга матолар, улардаги миллий нақшлар ҳамда сўзаналар тузилиши айниқса ёқди. Ўзбек маданияти, либослар дизайни, миллий таомлар мени чиндан мафтун этди. Халқаро экспертлар, дизайнерлар ҳам қадимий буюмлар кўргазмасидаги экспонатлар, ўрта аср ҳунармандлари томонидан яратилган санъат намуналаридан жуда таъсирланишлари шубҳасиз».
Рассом Акмал Нур кўргазмасининг очилиши ва каталог тақдимоти. Акмал Нур — Ўзбекистон халқ рассоми, мамлакатимиз замонавий тасвирий санъати оламидаги энг ёрқин усталардан бири. Унинг ижодий изланишлари шарқ ва ғарб анъаналари синтези, миллий ўзига хосликни излашда намоён бўлади. Акмал Нурнинг Фонд Форум томонидан нашр этилган китоб-каталоги тақдимоти рассом ишлари экспозицияси билан ҳамоҳанг ҳолда бўлиб ўтиб, Санъат ҳафталигининг энг ёрқин бадиий тадбирларидан бирига айланди.
Underground ёш дизайнерлар намойиши. Ушбу ёшлар дефилеси ғояси шундан иборатки, унда катта подиум истеъдодли ва изланувчан ёш дизайнерлар ихтиёрига берилади. Ушбу лойиҳани ҳақли равишда ҳафталикнинг энг кутилмаган намойиши деб аташади: бу йили ўсмирлик максимализми ўрнини мумтозлик хашамати ва шарқ анъаналари эгаллади.
Basso&Brooke, дизайнерлар дуэти (Буюк Британия): «Санъат ҳафталиги доирасида бир кун ичида ҳам кўргазма, ҳам намойишда иштирок этдик. Ижодкор ёшлар ўз санъат асарларини яратишда миллий меросдан кенг фойдаланиши бизда катта таассурот қолдирди. Бу жиҳат ўзбек дизайнерларининг ўзига хослигини белгилайди. Анъаналарга ҳурмат, тарихий илдизларга мурожаат этиш – санъат оламида жуда муҳимдир. Намойишда ёшларнинг шижоати бизни айниқса ҳайратга солди».
Хорижлик дизайнерлар намойиши. Бу куни пойтахт саҳналари россиялик ёш ва машҳур дизайнерлардан бири — Вардуи Назарян ва мода саноати мутахассислари макони бўлмиш London College of Fashion иҳтиёрига топширилди.
Маҳорат дарслари аввал-бошданоқ Санъат ҳафталигининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Улар ушбу дарсларни ўтказувчи машҳур ва профессионал меҳмонларга яқинлашиш, шунингдек, уларнинг маҳорати сирларидан бохабар бўлиш имконини беради. Бу йил Лондон мода коллежи қошидаги Санъат ва дизайн фонди мутахассислари Carmel Kelly ва Sarah Atkinson либос яратишда чизма андозадан тортиб, энг майда деталларнинг ишланишигача бўлган босқичлар ҳақида хикоя қилган бўлсалар, Британиянинг машҳур дизайнерлик дуэти Basso & Brooke миллий табиий матолар ва турли шаклдаги нақшларни қандай уйғунлаштириш бўйича маслаҳатлари билан ўртоқлашишди. Стилистлар Виталий Дивнин (Россия) ва Татевик Кочарян (Швейцария) ҳамда пойтахтимиздаги Fitness&Spa гўзаллик салони мутахассислари иштирокчилар кўз ўнгида тез ва самарали меҳнат бобидаги ўзларининг юксак маҳоратларини намойиш этишди.
Sonia Rykiel (Франция) мода уйи намойиши хорижий дизайнерлар дефилесини давом эттирди. Бу йили Тошкент кўчалари қора либос кийган ҳиссиётли француз аёллари билан тўла кичик Париж муюлишларига айланди.
Chopard заргарлик бренди кечаси Style.uz санъат ҳафталигининг анъанасига айланиб улгурган бўлиб, у кичик ҳайрия кимошди савдосидан бошланди: Guli for Chopard тўпламидаги буюм ўз эгасини топди. Тўплам дизайнери сифатида савдодан Guliга тушадиган малағнинг бир қисми Фонд Форум томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Янги авлод” фестивалининг ёш истеъдодларини қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Замонавий санъат халқаро биенналесининг очилиши Санъат ҳафталиги доирасида ўтказилди. Лойиҳа мобайнида мамлакатимизнинг энг яхши саҳна ва кўргазма залларида санъат арбоблари форуми, маъруза ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди ва албатта, етакчи маҳаллий ва хориж рассомлари, усталар, графика ва фото ижодкорлар, санъат танқидчилари, кўргазма кураторлари иштирокидаги замонавий санъат кўргазмаси очилди. Лойиҳада иштирок этиш учун 27 мамлакатдан 100 нафар хорижий меҳмонлар ташриф буюришди.
Мария Тереза Бегуристайн, Биеннали халқаро хакамлари аъзоси (Испания): «Энг аввало мазкур ажойиб форум ва биеннале ташкилотчиларига ўз ташаккуримни изҳор этмоқчиман. Ўзбекистон Маданияти ва Санъати жамғармаси Фонд Форум томонидан ўзбек маданияти ва санъатининг тараққиёти ва тарғиботи йўлида амалга оширилаётган улкан ишларга гувоҳ бўлдим. Ҳакамлар аъзоси сифатида таклиф этилганлар қаторидан жой эгаллаганимдан ҳамда биеннале ишларига оз бўлсада ўз хиссамни қўшганимдан бағоят мамнунман. Ишларнинг юқори даражада эканлигини таъкидлаб ўтишим лозим. Энди танлаш масаласи осон бўлмаслигини тушуниб турибман. Бироқ ҳакамлар қароридан ҳайратланганлар бўлмайди деб ўйлайман».
Oscar de la Renta (АҚШ) мода уйи намойишида нафислик ва назокат руҳияти ҳукм сурди. Либосларини Голливуд юлдузлари ва дунёга машҳур бадавлат инсонлар суювчи модельернинг бетакрор санъат асарлари даражасидаги моделлари пойтахтимиз саҳнасига кўрк қўшди.
«Гастрономик таҳлил». Ўзбек ресторанлари тақдимоти меҳмонларга пазандалик дурдоналарини тақдим этди.
«Podium Italia» бутики намойишида мода саноатининг энг сўнгги наъмуналари муҳлислар эътиборига ҳавола этилди.
Valentino (Италия) мода уйи намойишлари бутун дунё аҳли ҳайратига сазовор бўлиб келмоқда. Энди эса навбат Тошкентга келди. Ўзбек муҳлисини ҳам бу намойиш бефарқ қолдира олмади. Ғуборсиз ранглар, нафис бичимлар ва албатта, серхашам қизил кўйлаклар – буларнинг бари миллионлаб аёллар хуш кўрадиган италиялик модельернинг муваффақият сирларидир.
Миллий либослар фестивали. Ҳафталикнинг марказий ҳодисаларидан бири. Ҳозирги Шарқ услубининг ўзига хос “формуласи” тўпламларда миллий матолар, фактуралар, нақшлар ва силуэтларнинг бутун турфа хиллигини акс эттириб, томошабинларга ўзбек либосларининг тўлиқ эстетик кўламини намойиш этди. Дефиле Шарқ эртаклари саҳифалари бўйлаб уюштирилган қизиқарли бир саёҳатга ўхшаб кетарди. Тўпламларни бирин-кетин “саҳифалаб” ҳайратини яширолмаган томошабинлар ўзбек дизайнерларининг назокатли ижод маҳсулларини гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар.
Готфрид Динни, “Fashionwiresdaily” мухбири (Италия): «Мен Париж, Милан ва бошқа жойлардаги кўплаб мода ҳафталикларида бўлганман, лекин таъкидлашим зарур, Тошкентдагиси улардан дастурининг шакли ва тадбирларга бойлиги билан ажралиб туради. Миллий либос фестивалида жуда мафтункор кийимлар намойиш этилди, айниқса, миллий матолар катта таассурот қолдирди.».
Guli бренди заргарлик буюмлари тақдимоти. Юқори дидли заргарлик санъати намуналари ва жаҳонга машҳур Chopard маркаси билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган Guli брендининг нафис тақинчоқларидан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюрган маҳмонларни бебаҳо кечанинг дастури ҳайратга солди. Опера санъти устаси Монсеррат Кабальенинг олдиндан эълон қилинмаган концерти меҳмонлар учун кутилмаган совға бўлди. Мусиқий кеча сўнггида кимошди савдоси ўтказилиб, ундан тушган маблағ “Янги авлод” фестивали ғолибларини тақдирлашга қаратилади.
“Дом стиля”дан бош дефиле. Романтика ва назокат санъат ҳафталиги якунининг асосий тенденциялари бўлиб, улар барча намойиш этилган тўпламларда бош ўринга эга эди. Қолаверса, мазкур тенденцияларни очиб беришга дизайнерлар мутлақо бир-бирига ўхшамаган нуқтаи назарлар орқали ёндашишган. Шарқона услубда белбоғланган Мадина Қосимбоеванинг содда ва шинам либосларидан сўнг Дилдора Қосимова ва Элина Хайруллина томонидан кийинтирилган кечки базм либосларидаги Шарқ гўзаллари подиумга чиқишди. Эльмира Ибрагимова тўпламининг асосий ўзига хосликлари корсетлар ва миниатюралар нақшидаги кенг юбкаларда намоён этилди. Модельер Наргиза Ниёзова бахмални афзал кўрди, материалнинг устидаги тиллоранг кашталар эса либосларга ҳашамат бахш этди. Замонавий маликалар учун ҳашаматли кечки кўйлакларни Анна Ким тақдим этди. Саида Амирнинг ипакли “тасаввур намуналари” анча пайтгача намойишда иштирок этган ва одамлар диққат марказида бўлишни хоҳлаган барча аёлларнинг тушига кириши табиий. Эркак дизайнерлардан ёш ва ижодкор Канишка, ноанъанавийлик тарафдори бўлган Артем Дробышев ҳам ўзларининг мода борасидаги қатъий фикрларини либослари орқали таъкидлашга эришдилар. Айтганча, иккинчи модельернинг услуби деярли ўзгармаган — либосларни намойиш этган моделлар бу гал ҳам патлар, мўйна ва ялтироқ тошчалар билан безалган кийимларда пайдо бўлишди. “Мода ва санъат чўққисида” фаолият юритадиган Модалар уйи дизайнерларининг намойишини Милан модалар ҳафталигида кескин бурилиш ясаган Guli тўплами якунлади. Самарқанд, Бухоро, Хиванинг қадимий меъморчилик обидалари нақшлари билан безатилган 17 та модель – бу GULI бренди дизайнери Гулнора Каримованинг янги тажриба ишланмаларидир. Ўтган юз йилликлар эстетикаси муаллиф томонидан ноёб тарзда замонавий технологиялар билан уйғунлашган ҳолда тақдим этилган бўлиб, улар миллий маданиятнинг ўзига хос унсурлари сифатида намоён бўлди.
Намойишнинг энг сўнгги қисмида исроиллик модельер Галит Леви ўзининг кечки базм либослари тўпламини тақдим этиб, Шарқ ҳамда Ғарб мода оламини уйғунлаштирган кечага ёрқин ва ажойиб романтик тарзда якун ясади. Намойишдан сўнг Style.uz 2009 Санъат ҳафталигининг қуйидаги категориялардаги ғолиблари тақдирланди: Миллий либослар фестивали ва Underground ёшлар намойиши. Марказий Осиёдаги энг йирик санъат лойиҳаси муаллифи Гулнора Каримова шахсан дипломантларни қутлаб, совғалар ва ҳайкалчалар билан улашди. Шунингдек, кеча доирасида Guli дизайни асосида яратилган янги Visa Card тақдимоти ўтказилди.
Максим Шевченко, журналист, “Первый канал” бошловчиси (Россия): «Менга Ўзбекистон, айниқса, Тошкент мухити жуда ҳам ёқди. Бу менинг мамлакатга биринчи ташрифим олган энг асосий таассурот бўлса керак. Санъат хафталигига келсак, Фонд Форумнинг бу лойихаси жуда қизиқарли, чунки у ёш авлодни янги шаклдаги Европа, Ғарб ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан бўлган муносабатлар жараёнига киришига катта имконият яратади. Ва яна бир бор таъкидлайман, хохлардимки, ўзбеклар ҳамда Ўзбекистондаги барча халқларнинг бетакрор маданияти, урф-одатлари сўнмасин, зеро сизнинг бу хазинангиз буюк ва гўзалдир».
Стинг концерти. Жаҳон эстрада юлдузи, британиялик хонанда Sting Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри биносида концерт тақдим этди. Ҳомий сифатида ҳам ном қозонган Стинг Фонд Форумнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Келажак овози” танлови ҳамда “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреатларига грант соврини тақдим этди. Концерт ҳайрия мақсадларида ташкил этилди. Санъат ҳафталиги ташкилотчиси бўлмиш Фонд Форум ташаббуси билан концертдан тушган маблағларнинг барчаси жамғарма томонидан мунтазам равишда ўтказиладиган ҳайрия ва грант тадбирларига сарфланади. Чипталарнинг ярмидан кўпроғи Фонд Форумнинг ёшларга ва болаларга қаратилган танлов ва фестиваллари лауреатлари ҳамда иштирокчиларига, шунингдек, жамғарма фаолиятига ҳисса қўшиб келаётган фаолларга, мамлакатимизда хизмат кўрсатган маданият ва санъат арбобларига ҳамда Ҳафталикда рўйҳатдан ўтган барча ОАВ ҳодимларига бепул тарқатилди
Бу йили Тошкентдаги Санъат ҳафталиги одатий мода ҳафталиклари шаклидан бироз йироқлашиб, асосий эътиборни санъат, ҳайрия ва модага қаратди, бу эса қатор мамлакалар санъат соҳасининг турли йўналишларида фаолият юритаётган арбобларнинг эътиборидан четда қолмади, албатта. Ҳафталик мобайнида мамлакатимизнинг нафақат анъанавий санъати ва миллий либослари, балки ёш ва изланувчан мутахассислар ҳиссаси билан тобора ривожланиб бораётган замонавий маданияти ҳам акс эттирилиб, бу Санъат ҳафталигининг халқаро тус олишига замин яратди.
