2009 йил 16 октябр

Валентино каръерасига катта нуқта қўйган бўлишига қарамай, унинг ҳаёти мазмунига айланган иш-фаолияти ҳали ҳам давом эттирилиб, инсонларни мафтун этмоқда. Ўзларининг навбатдаги намойиши учун мазкур машҳур Модалар уйи вакиллари Style.uz-2009 санъат ҳафталиги ўтаётган Тошкентни танлашди.
"V" классик логотопдаги буюмлар — бутун дунё мода иштиёқмандларининг орзуси, дизайнер усулубидаги ўзига хосликни эса биттагина “ҳашамат” сўзи билан ифодалаш мумкин. Ўтган аср ва бугунги куннинг энг жозибали ва машҳур аёллари — Жаклин Кеннеди: Элизабет Тейлор, Грейс Келли, Одри Хэпберн, Софи Лорен, Женнифер Лопез ва Мадонна. Валентинонинг фахрли мижозларига айланишган.
Хўш, юлдузлар нима сабабдан бу итальян дизайнерини яхши кўришади? Чунки у либосларни ёқтиради ва ҳар бир мавсум учун ақл бовар қилмас кўркам моделлар яратади. Мана 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида модельернинг номи энг ҳашаматли либослар билан уйғунлаштирилади. Унинг либослари — ҳиссиётларни акс эттирувчи, мукаммал тарзда бичилган, ёшлик ва соф туйғуларга бой моделлар. Уларда Валентино услубининг асосий жумбоғи ва қудрати жамланган.
Модельер бошқа шакл ва услублар билан ҳам муваффақиятли ишлайди. У моҳирона тарзда жакетни кенг юбка билан бирлаштириб, унинг расмий тусини норасмийга ўзгартириши, оддий тўқилган жемперни қимматбаҳо матодан тикилган юбка билан уйғунлаштириб, ҳашаматлилик хусусиятини қўшиши мумкин. Валентино французча нақш анъаналарини итальян матолар ҳашамати билан уйғунлаштирадиган ва қўл иши сирлари, қоидаларини сақлаган ҳолда асрдан-асрга кўчирадиган дизайнер.
