Style.uz 12-17 октябрь 2009
Русский English
Ўзбек

Миллий либослар рангларининг уйғунлиги

2009 йил 16 октябр

Миллий либослар рангларининг уйғунлиги

Миллий санъат марказида бўлиб ўтган Миллий либос фестивали санъат ҳафталигида иштирок этаётган хорижий меҳмонлари томонидан бир овоздан лойиҳанинг “энг чиройли намойиши” деб эътироф этилди. Намойиш дизайнерлари ўз либослари орқали ўтмишни унутмасликка, асрий анъаналарга амал қилишга ва мозийдан илҳомланишга ундашган. Ҳозирги Шарқ услубининг ўзига хос “формуласи” тўпламларда миллий матолар, фактуралар, нақшлар ва силуэтларнинг бутун турфа хиллигини акс эттириб, томошабинларга ўзбек либосларининг тўлиқ эстетик кўламини намойиш этди.

Дефиле Шарқ эртаклари саҳифалари бўйлаб уюштирилган қизиқарли бир саёҳатга ўхшаб кетарди. Тўпламларни бирин-кетин “саҳифалаб” ҳайратини яширолмаган томошабинлар ўзбек дизайнерларининг назокатли ижод маҳсулларини гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Подиумда эса нафис рангдаги, енгил матолардан яратилган либосларни кийиб олган “парилар”, бошларини кичик тожлар безаб турган нозик қомат маликалар галма-гал ўрин олишарди. Енгил текстуралар, тушиб турадиган гулдор матолар ва шарқона нақшлар билан ишланган жозибадор тўрли кашталар мафтункорлик бахш этди ва хуш кайфият муҳитини яратди.

Эртакларга хос кайфият ҳукм сурганига қарамай, фестивалнинг умумий тенденцияси анъанавий миллий либосни “қайта тиклаш”, бугунги кун замонавий мода талабларини эътиборга олган ҳолда “асоси ўтмишга бориб тақаладиган” тўпламларни яратишдан иборат эди. Ҳақиқатдан ҳам, лойиҳада иштирок этувчи дизайнерларнинг либослари содда ва қулайлиги билан ажралиб турарди.

Готфрид Динни, “Fashionwiresdaily” мухбири (Италия):

— Мен Париж, Милан ва бошқа жойлардаги кўплаб мода ҳафталикларида бўлганман, лекин таъкидлашим зарур, Тошкентдагиси улардан дастурининг шакли ва тадбирларга бойлиги билан ажралиб туради. Миллий либос фестивалида жуда мафтункор кийимлар намойиш этилди, айниқса, миллий матолар катта таассурот қолдирди. Мен 15 нафар дизайнернинг тўпламини кўрдим. Эътироф этишим жоиз, дизайнерлик санъатининг даражаси 3-4 йилга ўсган.

Гули Раззоқова, дизайнер (Ўзбекистон):

— Тўпламим “Мовий мусофир” деб номланади. Унга асос қилиб таниқли ўзбек шоири ва насрий ёзувчиси Тимур Зулфиқоровнинг ижоди олинди. Одатда ёрқин ранглардан фойдаланаман, тўпламларимда доимо ранглар турфа хиллиги кузатилади. Лекин ҳар бир ижодкор инсон каби мен ҳам тажриба ўтказишни хоҳладим. Бу сафар ўзбек маданиятининг чиройи, ўзига хослиги ва ҳозирги кунгача сақланиб қолган бой меросимизни намойиш этувчи дарвишлар образини яратиб, очиқ рангларга мурожаат этишга қарор қилдим. Тўпламимнинг энг ажойиб томони ноодатий ва ноанъанавий материалдан тайёрланган аксессуарлар ҳисобланади. Либосларга яратилган пойабзал ҳам эътиборга лойиқ, эҳтимол, кимдир уларнинг ичида қадимий оёқ кийими маҳсини таниб қолар.

Зулфия Рахматуллина, дизайнер (Ўзбекистон):

— Бу галги ҳафталикда мен “Шарқона графика” тўпламидан еттита либос тақдим этдим, уларнинг барчаси қадимий табиий мато крепдешиндан тикилган, қадимий миллий жияк тасма билан боғланади. Бошқаларда ҳам чиройли либослар бор. Менга айниқса Саодат Муродхўжаеванинг тўплами манзур бўлди, у мамлакатимиз учун ноодатий бўлган конструктив тўплам муаллифи. Санъат ҳафталиги дизайнерлар учун биринчи ўринда, ўзини билдириш ва танитиш, улар нимага қодир эканликларини кўрсатиш учун яхши имконият, ёшлар учун ёрқин истиқбол. Лойиҳада ҳар йили иштирок этаман ва ҳар гал қандайдир янгилик намойиш этишни хоҳлайман. Бизнинг ижод асарларимизни кенг омма олдида намойиш этиш имконини бераётган ташкилотчиларга улкан миннатдорчилигимни билдираман. Энг асосийси, бу ерда миллий маданиятимиз кенг намойиш этилган, қадимий анъаналарнинг замонавий талқини, ўзбек дизайнерларининг қизиқарли асарлари кўрсатилган.

Ҳолида Комилова, «Осиё рамзи» Ўзбекистон модельерлар ассоциацияси раиси:

— Бу галги намойиш аввалгиларидан шуниси билан ажралиб турадики, ундаги либослар подиумга мослаштирилган кийимлардан-да қулай. Биз “этнография” номинациясини бироз қисқартирдик ва эътиборни бугунги миллий матоларимиздан яратилган замонавий моделларга қаратдик. Улар ранглар, нақшлар, мато тузилиши борасидаги дизаайнерларнинг тавсиялари асосида яратилган. Яна бир муҳим жиҳати, асосий диққат-эътиборни либос қад-қоматга ярашганлигига, кийим конструкциясига, тайёрланиш технологиясига, материалларнинг тўғри танланганлигига, ишланмаларга қаратдик. Демакки, бунда эндиликда дизайнерларга қаттиқроқ талаблар қўйилган, бошқача қилиб айтганда, бу бир марта кўриладиган жимжимадор либослар эмас. Бизда кенг ишлаб чиқариш учун мўлжалланган либос моделлари бор. Айнан шу сабаб келгусида усталарни ишлаб чиқаришдаги дизайнерлик фаолиятига жалб этиш учун улар билан танишиш истагида келган ишлаб чиқариш корхоналар вакиллари ҳам фестивалга келишган.

Марҳамат Умарова, “Модалар уйи” дизайнери (Ўзбекистон):

— Мен фестиваль намойишларида беш йилдан буён иштирок этиб келаман. Мазкур ҳафталик учун иккита тўплам тайёрланган. Биттаси, ўзингизга маълум, “Underground” лойиҳаси доирасида, иккинчиси эса Миллий либос фестивалида намойиш этилди. Тўпламимнинг номи “Ибтидога қайтиш”. Тўплам европача нақш билан безалган адрас либосларидан бошланади, сўнгра енглари, чўнтаклари ноодатий ишланган батикли шойи кийимлар намойиш этилади. Умуман олганда, тўплам миллий матога ўралган замонавий силуэтлар билан белгиланади. Таъкидлаб ўтмоқчи эдим, бизнинг омадимиз келди, боиси шундай мураккаб даврда катта маданий тадбирлар тўхтаб қолмай, аксинча тобора кўпроқ ташкил этилмоқда ва ёш дизайнерларга катта эътибор берилмоқда. Биз доимо Фонд Форумнинг ғамҳўрлигини ҳис қиламиз. Катта ташаккур!

Лали Фозилова, дизайнер (Ўзбекистон):

— Менинг янги тўпламим “Флёр” деб номланади. Уни севимли Тошкент шаҳримнинг юбилейига бағишладим. Мазкур тўпламда адрас, хон-атлас каби миллий матоларимиз, текстиль ишлаб чиқарувчиларининг замонавий ишланмалари, европача матолар, бўртма газмоллар билан уйғунлаштирилган табиий ипакдан фойдаланилган. Тўпламда кечки базм либослари жамланган бўлиб, уларнинг ҳар бирида қўл меҳнати кузатилади. Биз, шунингдек, бош кийимлар ҳам, аксессуарлар ҳам, пойабзал ҳам ишлаб чиқдик, бошқача қилиб айтганда мен аёлларимизни бошдан оёқ кийинтиришга ҳаракат қилдим. Ҳар йили кузда мамлакатимизда Мода ва санъат кунлари ўтказилишидан, унда ўзим ҳам уларда иштирок этишимдан мамнунман. Биз, модельер ва дизайнерлар ташкилий қисми ҳақида қайғурмай тўлиқ ижодга берилишимиз мумкин, чунки буни Фонд Форум ўз зиммасига олган. Тўпламларимизни намойиш этишда кўмаклашган барча барчага катта миннатдорчилик билдираман.

© 2006-2009. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
NetGroup