2009 йил 18 октябр

Art Week Style.uz ҳафталиги доирасида 17 октябрь куни жаҳон эстрада афсонаси, британиялик хонанда Sting Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биносида ҳайрия концерти уюштирди. Фонд Форумнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Келажак овози” танлови ҳамда “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреатлари Стингнинг махсус грант соврини соҳибига айланишди.
Тақдирлаш маросисимдан сўнг уюштирилган концерт дастури юқори савияда ўтди. Гастроль сафарлари жадвалининг лиқ тўлалигига қарамасдан, чет эллик хонанданинг кўриниши аъло даражада эди. Стинг бетакрор маҳорат соҳиби эканлигини яна бир бора исботлади.
Унинг Тошкентдаги концерти ҳам ҳайрия мақсадларида ўтказилди. Фонд Форумнинг ташаббуси билан чипталар сотувидан тушган барча маблағлар турли ҳайрия тадбирлари ва жамғарма томонидан мунтазам амалга ошириладиган грант дастурларига сарфланади. Энг яхши республика театрларидан биридаги ўринлар учун чипталарнинг ярмидан кам бўлмаган қисми Фонд Форум бошчилигида ўтказиладиган «Янги авлод», «Болажонлар-ширинтойлар», «Келажак овози» ва бошқа шу каби ёшлар ҳамда болалар танловлари, фестивалларининг иштирокчилари ва ғолибларига ҳайрия мақсадларида тарқатилди. Улардан ташқари таклифномалар Фонд лойиҳаларида доимий равишда фаол иштирок этиб келаётган ёшлар ва кўнгиллиларга, шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва санъати соҳаларида хизмат кўрсатган арбоблар ҳамда Style.Uz санъат ҳафталигига рўйхатдан ўтказилган ОАВ ходимларига берилди.
Шунингдек, барча ҳохловчиларга концертдан баҳраманд бўлиш имконини яратиш мақсадида театр олдидаги майдонга мониторлар ўрнатилиб, театр бош саҳнасидаги вазият тўғридан-тўғри равишда эфирга узатилиб турди. Октябрнинг ушбу шанбаси Art Week Style.uz 2009 тадбирларининг энг ёрқини сифатида иштирокчиларнинг хотирасида мухрланди.
