2009 йил 17 октябр

Style.uz-2009 санъат ҳафталиги доирасида замонавий санъат ривожининг тўлиқ қиёфаси, хорижий мамлакатлар бугунги кун маданиятида юз бераётган турли ҳодисалар, кўплаб рассомлар ижоди, уларнинг ютуқларини тақдим этаётган Замонавий санъат халқаро биенналеси ўтказилмоқда.
Шу кунларда 20дан ортиқ мамлакатлардан келган 100дан ошиқ иштирокчилар пойтахтнинг энг катта кўргазма майдончаларида ўзларининг ақл бовар қилмас тасаввурлари, орзулари ва фалсафий қарашларини акс эттирган энг яхши асарларини намойиш этишмоқда.
Биеннали иштирокчилари бу хақида шундай дейишди:
Ўрҳон Жаброил Ўғли, рассом (Туркия):
— Тошкентдаги Биеннале жуда уйғун тарзда ташкил этилганлиги, унда Шарқ ва Ғарб бирлаштирилганлиги, бу ерда турли хил услубларни кўриш мумкинлиги билан ҳам қизиқ. Мен Биеннале айнан Тошкентда ўтказилаётганлигидан жуда ҳам ҳурсандман, боиси Ўзбекистон узоқ даврлардан буён яхши сақланиб келинган ва замонавий санъатда моҳирона фойдаланилган бой тарихий мероси билан ном қозонган. Биенналега тақдим этилган асарлар юқори даражада бажарилганлиги билан ажралиб туради. Тадбирда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган рассмолар ва уларнинг ишлари билан танишиш имкони туғилганидан жуда мамнунман. Тасвирий санъат йўналишидаги ўзининг яратувчанлик ғоялари билан ҳайрон қолдирадиган ўзбек рассомлари асарларининг юксак даражасини алоҳида эътироф этишим зарур.
Жавлон Умарбеков, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги:
— Тошкент Биенналесида бешинчи бор йиғилмоқдамиз ва йилдан-йилга тақдим этилаётган асарлар даражаси ўсиб бормоқда. Айтиш керак, Тошкент Биенналеси чиндан ҳам халқаро даражадаги тадбирга айланмоқда. Тақдим этилаётган асарлар даражаси ва иштирокчилар сони ҳам йилдан-йилга ўсмоқда. Бунда, шубҳасиз, ўзбек рассомлари асарлари алоҳида ўринга эга, чунки улар кўргазма ва биеннале ўтказилишидан қатъи назар фаол ижод қилишга интиладилар. Ўзбекистондаги ижод ва санъат муҳити жуда яхши эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Айниқса, ёшлар учун жуда ҳам ҳурсандман. Фикримча, биз — “кексалар” тезроқ фикр юритишимиз, вақт орқасидан илдамлашимиз зарур, чунки ёшлар ўз ютуқлари билан бизга етиб олишмоқда, баъзида эса ҳаттоки ўтиб ҳам кетишмоқда. Бу ижобий ҳолат, албатта. Сабаби, бу соғлом ижодий рақобатдир. Ўзим ҳам бу галги биенналеда иштирок этяпман ва бу каби катта форумларда иштирок этиш ижод учун яхши туртки бўлади, деган фикрдаман.
Мария Ли Софи, рассом (Ўзбекистон):
— Биенналеда иштирок этишни анчадан бери орзу қилиб юргандим ва унга жиддий тайёргарлик кўрдим. Миллий ранглардан фойдаланган ҳолда қовоқлардан инсталляция ва қатор безакли асарларимни тақдим этдим. Тасвирий санъат асарларимни эса Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига уюштирган саёҳатлардан олган таассуротлар асосида яратганман. Тоғ ён бағрида жойлашган Сўқоқ қишлоғи ва унинг одамлари, айниқса, мафтункор, чиройли қоматли, доимо анъанага амал қилган ҳолда бошида нон, мевалар ва бошқа егулик тшла сават кўтариб юрадиган ва уни ҳеч қачон тушириб юбормайдиган аёллари таъсирлантирди. Айнан шу таассуротларим таъсирида суратлар тўпламини яратишни мақсад қилдим. Бунинг учун менга ёқадиган миллий хусусиятни асос қилиб олдим, шахсий нуқтаи назаримдан келиб чиққан ҳолда ўз услубимни яратишга эришдим. Инсталляцияга келсак, болаликда барчамиз бир ўйинни ўйнаганмиз: шошқолларни ташлаб, улардаги рақамларга мос равишда қадам ташлардик. Айнан шу ўйинни яратилажак асарим учун асос қилиб олдик. Безак берувчи қовоқлардан менга ёққан бошида сават кўтариб юрадиган аёллар образини яратдим ва асарга “Катта ўйин. Бозор” деб номладим. Биз ҳаётимиз давомида ҳар куни шу ўйинни ўйнаймиз, бозорга борамиз, олдинга ҳамда орқага қадам ташлаймиз, бир жойда турамиз ва, умуман олганда, шундан ўша ўйин билан боғлиқ ғоя туғилган эди.
Дамир Ўразаев, Ўзбекистон Бадиий академияси Ёшлар уюмаси раиси:
— Бу галги биенналеда ёшларимиз асарлари кўп ва бу қувонарли ҳолат. Мазкур турдаги тадбирлар ҳар бир иштирокчида ўзига хос бўладиган ўз потенциалини намоён эта олиш имкониятини бераётганлиги сабаб ҳам ўтказилиши зарурдир. Баъзида рассом кутилмаганда ўзидаги янги фазилатлар ва қобилиятларни очиб, бундан ҳайратга тушади. Мазкур биенналеда иштирок этаётган ёшларимиз ўз ижод маҳсуллари, қизиқ тажрибалари билан томошабинларни ҳурсанд қилишди. Бу ерда улар тасвирий санъат асарлари ва алоҳида инсталляциялар қаторини ҳам тақдим этишди. Бу асарлар ташриф буюрганлар эътиборини тортганлиги билан бизни ҳурсанд қилди, ушбу кўп қиррали лойиҳада уларнинг тасаввурлари ва қобилияти акс этган, турли жанрлардаги асарларини кўриш мумкин.
